Search

«ОЛТИН ТЎП-2022»: Кутилганидек, «Олтин тўп» Мустафода!

  • Share this:
post-title

Маросимга Карим Бензема махсус кўзойнакда ташриф буюрди. Аввалгиларида ҳеч бир футболчи бундай қиёфада кўриниш бермаганди. Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, «Олтин тўп» соҳиби яқин ўтмишдаги маросимларда ҳеч қачон бу қадар олдиндан аниқ эмасди. Бу йилги мавсумда ушбу совринни Бензема олишини ҳамма биларди. Ҳатто футболдан оз-моз хабари бор кишига, масалан, дўстларидаги қизиқиш туфайли чойхонада мажбуран шу катта ўйинларни кўрадиган инсонга ҳам шу саволни берсангиз, ундаги жавоб ҳам айнан Каримга ишора қилинарди. Бензема ҳақли эди ва ҳақли равишда олди. 

34 ёшли француз ўтган мавсумда Мадрид клуби билан Чемпионлар Лигаси, Ла Лига, УЕФА Суперкубоги ва Испания Суперкубогида ғолиб бўлди. Ҳужумчи ЕЧЛда 15та, Испания чемпионатида 27та гол билан тўпурарга айланди. 

Топ-5дан «Бавария»нинг сенегаллик вингери Садио Мане (2-ўрин), «Манчестер Сити»нинг бельгиялик ярим ҳимоячиси Кевин де Брюйне (3), «Барселона»нинг польшалик форварди Роберт Левандовски (4), «Ливерпул»нинг мисрлик ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ (5) ҳам ўрин олди. 

Маросимда қуйидаги номинацияларда ҳам ғолиблар аниқланди:  

Энг яхши аёл футболчи — Алексия Путелльяс  («Барселона»|Испания) 

Алексия Путелльяс дунёнинг энг яхши аёл футболчиси сифатида тан олинди. «Барселона» ярим ҳимоячиси аёллар ўртасидаги «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Айтиш жоиз, Путелльяс кетма-кет иккинчи марта ушбу мукофотни қабул қилиб олди. 2021 йилда Алексия, ФИФА талқинига кўра дунёнинг энг яхши футболчиси совринини ҳам олганди. 

Лев Яшин мукофоти — Тибо Куртуа («Реал»|Бельгия) 

Бельгиялик 30 ёшли посбон ўтган мавсумда Мадрид клуби билан Чемпионлар Лигаси, Ла Лига, Испания Суперкубоги ва УЕФА Суперкубогида ғолиб чиқди. Тибо «Ливерпул»га (1:0) қарши ЕЧЛ финалида 9та сэйв қилиб, жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшганди. Даъвогарлар орасида Алиссон («Ливерпуль»|Бразилия), Эдерсон («Манчестер Сити»|Бразилия), Майк Меньян («Милан»|Италия) ва Эдуар Менди («Челси»|Сенегал) ҳам бор эди. 

Герд Мюллер соврини — Роберт Левандовски («Барселона»|Польша) 

Йилнинг энг яхши ҳужумчиси учун - «Герд Мюллер» номидаги мукофотни «Барселона» форварди Роберт Левандовски олди. 2021 йилда France Football томонидан асос солинган мукофотни кетма-кет иккинчи мавсум ҳам Левагол қўлга киритмоқда. Ўтган мавсум Левандовски «Бавария»да ўйнаганди ва клуби сафида барча мусобақаларда 46та ўйинда 50та гол урган. 

Энг яхши ёш футболчи — Гави  

(«Барселона»|Испания) 

«Барселона»нинг 18 ёшли испан ярим ҳимоячиси ўтган мавсумда каталонияликлар сафида 46та ўйинда 2та гол ва 5та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Эслатиб ўтамиз, ушбу йўналишда совринни ўтган мавсумда ҳам «Барса» вакили — Педри қўлга киритганди. 

Йилнинг энг яхши клуби — «Манчестер Сити»  

(Англия) 

«Манчестер Сити» France Football нашри томонидан мавсумнинг энг яхши жамоаси деб топилди. «Олтин тўп»ни топшириш маросимида совринни инглиз клуби вакиллари, жумладан, дарвозабон Эдерсон ва ярим ҳимоячи Кевин де Брюйне қабул қилиб олишди. France Football рейтингида 2-ўринни «Ливерпуль», 3-ўринни «Реал Мадрид» клублари эгаллашди. Ўтган мавсумда «Сити» Премьер-лигада ғолиб чиқди. Чемпионлар лигасида эса 1|2 финал босқичида турнирнинг бўлажак ғолиби «Реал»га ютқазиб қўйди. 

Футболдан ташқаридаги хайрия ишлари учун — Садио Мане  

(«Бавария»|Германия) 

«Бавария» вингери Садио Мане Сократес мукофотининг дастлабкисини қўлга киритди. Бу йилдан бошлаб «Олтин тўп»ни топшириш маросимида бериладиган мазкур соврин футболчиларнинг ижтимоий фаоллигини эътироф этади. Сенегаллик футболчи ўз мамлакати ва она қишлоғи тараққиётига қўшган ҳиссаси учун мукофотланди. Мукофот ўз мамлакатининг ижтимоий масалаларида фаол иштирок этиши билан ҳам танилган бразилиялик таниқли футболчи Сократес номи билан аталган.

СЎЗ ҚАҲРАМОНЛАРГА

Карим Бензема:  «Болалигимни эслайман. Ҳаётимда икки намуна бўлган: Зинедин Зидан ва Роналдо. қайта-қайта машғулотлар қилиш — қийин иш. Оғир пайтлар ҳам бўлган. Миллий жамоага чақирилмаган даврим қийин кечди. Ўшанда кўпчилик билан суҳбатлашдим, бу мени руҳий жиҳатдан мустаҳкамлади. Худди шу руҳда давом этаман. Жамоадошларим, буюк президент Флорентино Пересга раҳмат айтаман. У ҳар доим мен билан очиқ гаплашган. Жан-Мишель Олас ва «Лион»ни унутмайман, уларсиз орзумга эриша олмасдим. Менимча, ёш йўқ. Кўпчилик 30 ёшдан кейин даражасини оширади. Бу — мақсад қўйиш, меҳнат. Кўпроқ машқ қиламан, таслим бўлмасликни ўзимга айтаман».

Тибо Куртуа:  «Энг яхши дарвозабон совринини қўлга киритганимдан хурсандман, энг аввало «Реал» футболчиси сифатида ғалаба қозонганимдан фахрланаман. Мадриддаги биринчи йилим осон бўлмаганди ва турли воқеаларни бошдан кечирганимдан сўн бундай мукофотлар мени янада қувонтирди. Мухлисларга доим таслим бўлмаслигимни кўрсатиб келганман — на мағлубиятдан, на хатолардан кейин. «Олтин тўп»ни ютиш? Менимча, дарвозабонлар учун бу имконсиз. Ла Лигада ғолиб бўласиз, Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонасиз, сэйвларингиз эвазига жамоангиз соврин ютади ва якунда 7-ўринни эгаллайсиз. Ҳеч бўлмаганда, улар йилнинг энг яхши дарвозабони учун мукофотни ўйлаб топишган».

Роберт Левандовски:  «Барселона»да ўйнаш — жуда катта чақириқ, чунки янги жамоадошларимнинг салоҳиятини дарҳол кўрдим. Ишончим комилки, келажакда бундан ҳам кўпроқ голлар ураман. Ҳоланд «Манчестер Сити»да кўп гол ураётган бўлса ҳам, мени рўйхатдан чиқарманг. қаттиқ меҳнат қилсак, келажакда кўп ютуқларга эришиб, ғалаба қозонишимиз мумкин».

Bahrom Parpiyev

Bahrom Parpiyev

Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Animi autem blanditiis deleniti inventore porro quidem rem suscipit voluptatibus! Aut illum libero, praesentium quis quod rerum sint? Ducimus iure nulla totam!